Вазирлар Маҳкамаси қарори №578
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида
- Қабул қилинган
- 12.07.2019
- Ҳужжат тури
- Вазирлар Маҳкамаси қарори
- Йўналиш
- Қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ва лизинг шартларида харид қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш
- Амал қилиш ҳолати
- Амал қилмоқда
- Жамғармага алоқадорлиги
- Бевосита
Ҳужжат матни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАРНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАСИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Қишлоқ хўжалиги техникаси паркини янгилаш ва модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни сифатли ва арзон техника билан таъминлаш, уларга ўз вақтида сервис хизмати кўрсатиш ҳамда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришни молиялаштиришга бозор механизмини кенг татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ва лизинг шартларида харид қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан биргаликда қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришни ўз вақтида молиялаштиришни таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқни лизинг шартларида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 2 ноябрдаги 424-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 12 июль,
578-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 578-сон қарорига
1-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ва лизинг шартларида харид қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом қишлоқ хўжалиги корхоналари самарадорлигини ошириш ҳамда уларни замонавий юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидия ажратиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қишлоқ хўжалиги техникаси — Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган, ғалла ўриш ва пахта териш техникасидан ташқари барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари, жумладан ҳайдов, чопиқ, транспорт ва боғдорчилик тракторлари, уч ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар ҳамда кўп вазифали пневматик ва механик сеялкалар;
қарз олувчи — мулкчилик шаклларидан қатъи назар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи субъектлар, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва кластерлари ҳамда механизация хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар;
субсидия — қарз олувчи томонидан қишлоқ хўжалиги техникаси лизинг ёки кредит шартларида харид қилинганда уларнинг фоиз харажатларини тижорат банклари ёки лизинг ташкилотлари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизлик пункти миқдорида қоплаб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) пул маблағлари;
имтиёзли шартлар — фоиз миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасида ва ундан кам миқдорда белгиланган фоизлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олиш учун ажратилган кредит ва лизинг бўйича ҳисобланган фоизнинг 10 фоизлик пунктини қоплаб бериш учун кўзда тутилган маблағларни Жамғармага ажратади.
Бунда харажатларни қоплашнинг ушбу миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасининг ўзгаришига қараб Молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин;
тижорат банкларида ресурслар тақчиллиги юзага келганда қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишга кредитлар ажратиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг вақтинчалик бўш турган маблағларини тижорат банкларига белгиланган тартибда жойлаштиради.
4. Ушбу Низом талаблари Низом кучга киргунга қадар қишлоқ хўжалик техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш бўйича расмийлаштирилган шартномаларга ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга татбиқ этилмайди.
Лизинг ташкилоти ёки тижорат банки томонидан қарз олувчига қишлоқ хўжалик техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш учун ажратилган лизинг ёки кредит фоизини қоплаш учун субсидия ажратиш мазкур Низомнинг иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
5. Қарз олувчига лизинг ҳамда кредит шартларида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникасининг фоиз тўловини қисман қоплаб бериш учун субсидия ушбу Низом талаблари асосида лизинг ташкилоти, тижорат банки ва Жамғарма ўртасида тузиладиган Бош битимга мувофиқ ажратилади.
Субсидия миқдори қарз олувчи ва лизинг ташкилоти ёки тижорат банки ўртасида тузиладиган шартнома шартларида акс эттирилиши шарт.
Субсидия лизинг ҳамда кредит шартларида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникасининг камида 1 йиллик кафолат муддати, шунингдек, ушбу техника учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сервис хизмати кўрсатувчи марказлар бўлганда лизинг ташкилоти ёки тижорат банкининг фоиз тўловларини қисман қоплаб бериш учун ажратилади.
6. Қарз олувчининг лизинг ёки кредит фоизини қоплаш учун субсидия тижорат банки ва лизинг ташкилоти томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизлик пункти миқдорида ажратилади.
Бунда, лизинг ёки кредит шартномаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг 1,5 бараваригача бўлган фоиз ставкаси билан ҳайдов тракторлари учун 5 — 7 йил муддатга, чопиқ, транспорт, боғдорчилик тракторлари, уч ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар ҳамда кўп вазифали пневматик ва механик сеялкалар учун 3 — 5 йил муддатга расмийлаштирилган бўлиши лозим.
7. Субсидия Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланган қонунчиликда белгиланган тартибда фаолият кўрсатувчи лизинг ташкилоти ва тижорат банкларига ажратилади.
2-боб. Субсидия ажратиш тартиби
8. Субсидия фақат лизинг ёки кредит шартномаси тузилган кунда ишлаб чиқарилган муддати бир йилдан ошмаган янги қишлоқ хўжалиги техникаси учун ажратилади.
9. Субсидия:
а) лизинг ёки кредит олувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги техникасини шартномада кўрсатилган қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда аванс тўланганда;
б) лизинг ёки кредит шартномаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасининг 1,5 бараваригача бўлган фоиз ставкасида расмийлаштирилганда ажратилади.
10. Қишлоқ хўжалиги техникаси бюджет маблағлари, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг кредитлари ҳисобига имтиёзли шартларда харид қилинганда ёки бошқа субсидия шартлари қўлланилганда субсидия ажратишга рад этилади.
11. Қарз олувчи томонидан қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилишда лизинг ташкилоти ёки тижорат банкига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
а) ариза;
б) янги қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш тўғрисида тузилган шартнома;
в) суғурта полиси, кафиллик ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари.
12. Ушбу Низомнинг 11-бандига мувофиқ барча зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг лизинг ташкилоти ёки тижорат банки аризани 3 банк иш кунида кўриб чиқиши, ижобий хулоса қабул қилинганда қарз олувчи билан шартнома тузиши лозим.
Лизинг ташкилоти ёки тижорат банкининг кредит қўмитаси томонидан кредит ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда қарз олувчига рад этиш сабаблари баён этилган ёзма маълумот тақдим этилиши шарт.
Қарз олувчи қайта мурожаат қилишга ҳақли.
13. Лизинг ташкилоти ёки тижорат банки қарз олувчи томонидан ўзига тегишли фоиз тўловини тўлаганлиги тўғрисида умумлаштирилган маълумотни Жамғармага тақдим этади.
14. Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, лизинг ёки кредит ажратиш ва улар бўйича субсидия олишнинг барча жараёни ушбу Низом талабларига мувофиқлиги юзасидан масъулият лизинг ташкилоти ва тижорат банкларининг раҳбарларига юкланади.
15. Жамғарма келган ҳужжатларни ўрганиш натижалари асосида лизинг ёки кредит бўйича фоизли харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Жамғарма 1 (бир) иш куни мобайнида лизинг ташкилоти ёки тижорат банкини субсидия ажратиш тўғрисида (рад этилган тақдирда — асосли сабаблар кўрсатилган ҳолда) қарор қабул қилингани ҳақида хабардор қилади.
16. Жамғарма Бош битимга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига буюртманома тақдим этади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги буюртманомада қайд этилган маблағларни 2 банк иш кунидан кечиктирмасдан Жамғарма ҳисобварағига ўтказади.
17. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигидан маблағ ўтказиб берилгандан сўнг Жамғарма Бош битимга мувофиқ 2 банк иш кунида лизинг ташкилоти ёки тижорат банкига субсидия ажратади.
3-боб. Субсидияни ҳисоблаш тартиби
18. Субсидия ушбу Низом талаблари асосида расмийлаштирилган лизинг ва кредит муддатидан келиб чиқиб ҳақиқатда қолдиқ қарз суммасига ҳисобланади.
Бунда, тўлов жадвали бўйича муддати ўтган қарздорликка қайта субсидия ҳисобланишига йўл қўйилмайди.
19. Қарз олувчи шартноманинг тўлов жадвалига мувофиқ ўзига тегишли бўлган лизинг ёки кредит фоиз тўловларини (субсидия қилиб бериладиган фоиздан ташқари) тўлиқ тўлаган бўлиши шарт.
20. Субсидия лизинг ташкилоти учун ҳар чоракда, тижорат банки учун ҳар ойда кейинги ойнинг 20-кунигача тақдим этилган буюртманомалар бўйича ҳисобланган жорий фоизлар миқдорида ҳисоб-китоб қилинади.
21. Жамғарма томонидан лизинг ташкилоти ёки тижорат банки ҳисобварағига қарз олувчи учун ҳисобланган фоиз тўловини 10 фоиз пунктини қоплаш учун ўтказиб берилган субсидия ушбу қарз олувчининг ҳисобланган фоиз тўловлари учун ҳисоб-китоб қилинади.
22. Ажратилган субсидия қарз олувчига ҳисобланган субсидия миқдоридан кўп бўлган тақдирда ортиқча маблағлар 2 банк иш кунидан кечиктирмасдан Жамғарма ҳисобварағига қайтариб ўтказилади.
23. Лизинг ёки кредит шартномасининг шартлари ўзгарган тақдирда илгари тасдиқланган ва ҳисобланган субсидия миқдори оширилмайди, субсидия муддати узайтирилмайди.
24. Жамғарма томонидан ажратилган субсидиядан мақсадли фойдаланишни, тўловларнинг ва ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Мақсадсиз фойдаланилган субсидия маблағлари Бош битим шартларига асосан Жамғармага қайтарилади.
4-боб. Субсидия ажратишни тўхтатиш
25. Субсидия ажратилишини тўхтатиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
а) лизинг ёки кредит шартномаси бўйича субсидия мақсадсиз ишлатилганлиги ёки мақсадсиз фойдаланилганлиги аниқланганда;
б) қарз олувчи томонидан лизинг ёки кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилганда;
в) қарз олувчининг субсидия олишдан бош тортганлиги тўғрисидаги мурожаати мавжуд бўлганда;
г) лизинг ёки кредит шартномаси тўлиқ бекор қилинганда;
д) лизинг ёки кредит шартномаси бўйича субсидия ва шартнома шартлари тўлиқ бажарилганлиги тўғрисида лизинг ташкилоти ёки тижорат банки мурожаати асосида.
5-боб. Якунловчи қоидалар
26. Тарафлар ўртасида юзага келадиган низолар белгиланган тартибда суд томонидан ҳал этилади.
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ва лизинг шартларида харид қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Лизинг ёки тижорат банки томонидан қишлоқ хўжалиги корхонасига қишлоқ хўжалик техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш учун ажратилган лизинг ёки кредит фоизини қоплаш учун субсидия ажратиш
СХЕМАСИ
Босқичлар
Амалга ошириладиган тадбирлар
Муддати
Масъуллар
I-босқич
Қишлоқ хўжалиги корхонаси лизинг ташкилоти ёки тижорат банкига қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш учун ариза тақдим этади.
доимий
Қишлоқ хўжалиги корхонаси
II-босқич
Лизинг ташкилоти ёки тижорат банки қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш учун тақдим этилган аризани кўриб чиқади.
3 банк иш куни
Лизинг ташкилоти ёки тижорат банки
III-босқич
Лизинг ташкилоти ёки тижорат банки томонидан ижобий хулоса қабул қилинганда қишлоқ хўжалиги корхонасига қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш учун лизинг ёки кредит ажратади.
хулоса қабул қилингандан кейин 1 банк иш куни
Лизннг ташкилоти ёки тижорат банки
IV-босқич
Лизинг ташкилоти ёки тижорат банки қишлоқ хўжалиги корхонасига қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш учун ажратган лизинг ёки кредит фоизининг 10 фоиз пунктини қоплаш учун субсидия ажратиш юзасидан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан кўллаб-қувватлаш жамғармасига буюртманома тақдим этади.
Ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20 санасига кадар
Лизинг ташкилоти ёки тижорат банки
V-босқич
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан кўллаб-қувватлаш жамғармаси лизинг ташкилоти ёки тижорат банкининг қишлоқ хўжалиги корхонасига қишлоқ хўжалиги техникасини лизннг ёки кредит шартларида харид қилиш учун ажратган лизинг ёки кредит фоизининг 10 фоиз пунктини қоплаш учун субсидия ажратади.
Бош битимда белгиланган муддатда
Жамғарма
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 578-сон қарорига
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқни лизинг шартларида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 2 ноябрдаги 424-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Белгилансинки, янги замонавий ғалла ўриш комбайни ва пахта териш машинасини ва улар билан агрегатлаштирилиб ишлатиладиган тракторни (кейинги ўринларда қишлоқ хўжалик техникаси деб аталади) қишлоқ хўжалиги корхоналари ва уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларга (кейинги ўринларда лизинг олувчилар деб аталади) қуйидаги лизинг шартларида етказиб берилади:
замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 20 фоизи аванс сифатида лизинг олувчилар томонидан ўз маблағлари ҳисобига тўланади;
замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 80 фоизи лизинг ташкилотлари томонидан уларга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) томонидан қайтариладиган қарз асосида ажратиладиган маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.»
2. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Лизинг ташкилотларига қуйидаги вазифалар юклансин:
лизинг олувчиларнинг қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш юзасидан берилган буюртмаларини умумлаштириш;
қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш юзасидан буюртмаларни жойлаштириш;
жойлаштирилган буюртмаларга мувофиқ етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги техникаси учун ўз вақтида аванс тўлаш ва узил-кесил ҳисоб-китоб қилиш;
лизинг шартномаларини тузиш, янги қишлоқ хўжалиги техникасини лизингга бериш, лизинг тўловларини ўз вақтида ундирилишини ва Жамғармага тўланишини таъминлаш;
Жамғарма билан тузилган ҳар бир қарз шартномаси бўйича ажратилган маблағларнинг ҳисобини ўз вақтида юритиш ва уларни ҳисобланган фоизлари билан тўлаш.»
3. 3-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Замонавий қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Жамғармага ҳар йили, 1 октябрдан бошлаб ва унинг келгуси йилга тушумлар ва харажатлари баланси тасдиқлангунгача бўлган даврда, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилишини таъминлаш учун ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки уларнинг расмий дилерига аванс бериш учун лизинг ташкилотлари буюртманомалари бўйича маблағлар ажратишга рухсат этилсин. Аванс бериш ҳар ойлик улушлар билан, олди-сотди шартномасида кўрсатилган етказиб бериш муддатидан кечикмай, ушбу шартномада келгуси йилда етказиб бериш назарда тутилган ҳажмлар ва етказиб бериш муддатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Бунда, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар ва лизинг ташкилотлари техника қийматининг 80 фоизи миқдорида аванс тўловларини олганидан сўнг лизинг олувчиларга қишлоқ хўжалиги техникасининг аванс тўланган кундан бошлаб 120 кун муддатда етказиб берилишини таъминлайдилар.»
5. 5-бандда:
биринчи хатбошидаги «Ўзагролизинг» АЖ» сўзлари «лизинг ташкилотлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«лизинг муддатини фермер, деҳқон хўжаликлари учун 10 йил, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотлар учун 7 йил этиб белгиланишини назарда тутади.»
6. 6-бандда:
учинчи хатбошидаги «Агробанк» АТБ» ва «Ўзагролизинг» АЖ» сўзлари тегишлича «тижорат банклари» ва «лизинг ташкилотлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
тўртинчи хатбошидаги «Назорат-тафтиш бош бошқармаси» сўзлари «Давлат молиявий назорати департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин.
7. Илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Замонавий қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган янги замонавий ғалла ўриш комбайни ва пахта териш машинаси ва улар билан агрегатлаштирилиб ишлатиладиган тракторни (кейинги ўринларда қишлоқ хўжалиги техникаси деб аталади) лизинг шартларида етказиб беришни тартибга солади.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги учун зарур қишлоқ хўжалиги техникасини турлари бўйича шакллантирилган маълумотни ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) тақдим этади.
3. Тақдим этилган маълумот асосида Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштириш учун маблағлар манбаларини шакллантиради.
4. Жамғарма ўзининг веб-саҳифасида келгуси йил учун қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб беришга қарз маблағларини ажратиш тўғрисидаги маълумотни жойлаштиради.
5. Жамғарманинг веб-саҳифасига жойлаштирилган маълумотлар асосида республикада фаолият юритувчи барча лизинг ташкилотлари қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб бериш бўйича дастлабки буюртманомаларни Жамғарманинг веб-саҳифасига жойлаштиради.
6. Жамғарма веб-саҳифага жойлаштирилган дастлабки буюртманомалар таҳлили асосида лизинг ташкилотлари билан қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб беришга қарз маблағларини ажратиш тўғрисида Бош битим тузади.
Лизинг ташкилотлари қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилар ёки уларнинг расмий дилерлари билан қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш, тўлов тартиби ва муддати кўрсатилган олди-сотди шартномалари тузади.
7. Лизинг ташкилотлари:
Жамғарма билан молиявий ресурслар жалб этиш учун шартнома тузади. Бунда лизинг бўйича даромад фоизи миқдори, шунингдек, лизинг олувчилар томонидан тўланадиган лизинг тўловларидан ушлаб қолинадиган лизинг ташкилоти ва банк хизматлари учун тўловлар миқдори келишиб олинади;
тижорат банклари билан молиявий агент функцияларини бажариш юзасидан;
суғурта ташкилотлари билан суғурта қонунчилигига мувофиқ шартномалар тузади.
8. Лизинг ташкилотлари лизинг олувчилар билан қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида етказиб бериш шартномаларини тузади. Ҳар бир шартномага лизинг тўлови жадвали илова қилинади. Бунда шартномалар 3 нусхада тузилади ва бир нусхаси тижорат банкига жўнатилади.
9. Лизинг олувчилар:
лизингга олинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 20 фоизини лизинг ташкилотларига тўлайдилар;
лизингга олинадиган қишлоқ хўжалиги техникасини ўз маблағлари ҳисобига суғурта ташкилотларида суғурта қиладилар;
лизинг шартларида расмийлаштирилган қишлоқ хўжалиги техникасининг қопланмаган қийматини ҳамда ҳисобланган лизинг фоизини фермер, деҳқон хўжаликлари 10 йил муддатгача, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилот ва корхоналар 7 йил муддатгача лизинг ташкилотларига тўлайдилар.
10. Лизинг ташкилотлари лизинг олувчилар тўлаган аванс маблағларидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 60 фоизигача аванс тўловини тўлашга пул маблағларини ажратиш учун буюртманомаларни Жамғармага тақдим этади.
Ушбу буюртманомалар асосида Жамғарма пул маблағларини келгуси давр учун лизинг ташкилотининг тижорат банкидаги Жамғарма билан ҳисоб-китоблар (23216) ҳисобварағига (кейинги ўринларда амалиёт ҳисобварағи деб аталади) ўтказади.
11. Лизинг ташкилоти шартномада белгиланган муддатда етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг 80 фоизи миқдорида ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки уларнинг расмий дилерларига амалиёт ҳисобварағидан аванс маблағини тўлайди.
12. Лизинг ташкилоти томонидан қишлоқ хўжалиги техникаси лизингга расмийлаштирилгандан кейин шартнома шартларига мувофиқ лизинг олувчига етказиб берилади.
Лизинг ташкилоти қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг олувчига етказиб берганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этгандан кейин қишлоқ хўжалиги техникаси қийматининг қолган якуний 20 фоизи миқдоридаги пул маблағлари Жамғарма томонидан лизинг ташкилотининг амалиёт ҳисобварағига ўтказилади.
13. Ҳар ойда, кечи билан ойнинг 5-куни, лизинг ташкилоти ҳизмат кўрсатувчи тижорат банкига олдинги ойда тузилган шартномалар бўйича лизинг тўлови жадвали нусхаларини тақдим этади.
14. Лизинг олувчилар лизинг шартномаларида белгиланган муддатларда ва миқдорларда лизинг ташкилотларига лизинг тўловлари (асосий қарз ва фоиз)ни тўлайдилар. Тўланган маблағлар тўлиқ миқдорда амалиёт ҳисобварағига ўтказилади.
15. Лизинг ташкилотлари тузилган қарз шартномаларига мувофиқ жалб этилган қарз маблағлар бўйича асосий қарз ва фоизларни шартномада белгиланган муддатларда Жамғармага тўланишини таъминлайди. Лизинг бўйича фоизлар Жамғарма, лизинг ташкилоти ва тижорат банки ўртасида тузиладиган Бош битимга мувофиқ тақсимланади.
16. Лизинг ташкилоти ва тижорат банки Жамғарма маблағларининг ҳаракати, маблағлардан фойдаланиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-кунига, шунингдек, чораклик, йиллик бухгалтерия ҳисоботларини чорак тугагандан кейинги ойнинг 20-кунига қадар Жамғармага тақдим этади.
17. Лизинг олувчилар томонидан мажбуриятлар бажарилмаганда лизинг ташкилоти, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириш чораларини кўради. Ундирилган пул маблағлари лизинг ташкилотининг амалиёт ҳисобварағига ўтказилади.
18. Лизинг ташкилоти ва унга ҳизмат кўрсатувчи тижорат банки ва уларнинг ҳудудий филиаллари раҳбарлари, шунингдек, лизинг олувчиларнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари Жамғарма маблағларини мақсадга мувофиқ ишлатилмаганлиги, ҳисоб-китоб қилиш тартиби бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.07.2019 й., 09/19/578/3419-сон)
Матн ва файллар Жамғарманинг аввалги сайтидан кўчирилган; расмий манба — lex.uz.
Ҳужжат тарихи
Ҳужжатга ўзгартириш киритилмаган — амалдаги таҳрир асл нусха билан бир хил.